“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Андижон вилоятида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, маҳаллалар, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар томонидан жойларда мевали, манзарали дарахт кўчатлари, гуллар экилмоқда, яшил ҳудудлар барпо этилмоқда. Мазкур жараёнда нуронийлар ҳам фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистон фахрийларини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Шаҳрихон туман бўлинмаси ташаббуси билан туман ҳокимлиги, Маҳаллалар уюшмаси туман бўлими ҳамкорлигида Янги Ваҳм маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган “Нуронийлар боғи”га кексаларимизнинг дуолари билан мевали, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

– Кўчат экиш, юртни обод қилиш хайрли ва савобли иш, – дейди Шаҳрихон тумани “Нуроний” уюшмаси раҳбари Сайдали Мадаминов. – Мазкур жараёнда биз кексаларнинг фаол иштирок этиши кўпчиликка ибрат бўлиши аниқ. Мақсадимиз, юртимизда яшил ҳудудларни барпо этишдек хайрли ишга, юртни янада обод қилишга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишдир.
Қарийб ярим гектар майдонда барпо этилаётган “Нуронийлар боғи”га шу кунларда 1000 тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари

