Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда маҳаллани обод гўшага айлантириш, аҳолини тадбиркорликка йўналтириш, бандлигини таъминлаш, оилаларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш, турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, турли даражадаги раҳбарларнинг аҳоли вакиллари билан бевосита учрашув ва мулоқотлари орқали мазкур йўналишдаги ишлар янада юқори босқичга кўтарилмоқда.

Жумладан, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бир неча ҳафта аввал Шаҳрихон туманидаги Оқ олтин маҳалласи аҳолиси билан учрашиб, мулоқот ўтказган эди. Унда аҳоли маҳаллани ривожлантириш, йиллар давомида одамларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш юзасидан мурожаат қилганди.

Аҳоли мурожаатидан келиб чиқиб, вилоят ҳокимининг ташаббуси билан маҳаллани ривожлантириш, муаммоларни бартараф этиш бўйича режалар ишлаб чиқилди. Ҳар бир соҳа, йўналиш бўйича белгиланган ишларни бажариш юзасидан мутасаддиларга топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Ана шундан кейин ўтган қисқа вақт ичида маҳаллада кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари олиб борилди.

– Амалга оширилаётган барча ишларимиз энг аввало, одамларнинг, маҳалла аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган, – дейди вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов. – Бугун фуқароларимиз ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлаш учун зарур ишларни бажариш олдимизда турган биринчи галдаги вазифалардан биридир.

Шаҳрихон туманидаги Оқ олтин маҳалласи тумандаги йирик маҳаллалардан бири ҳисобланади. Айни кунда маҳалладаги 751 та хонадон, 1 минг 38 оила таркибида 4 минг 100 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг деярли ярмини хотин-қизлар ташкил этади.

Ўтган бир неча ҳафта давомида мазкур маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли учун қулай яшаш шароитлари яратиш мақсадида кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Натижада маҳаллада электр энергияси, ичимлик суви таъминоти яхшиланди, мавжуд йўллар таъмирланиб, ободонлаштирилди. Янги бинолар барпо этилмоқда.

Асосий ишлар маҳалланинг Оқ олтин, Қизил юлдуз кўчаларида амалга оширилмоқда. Жумладан, ички кўчаларнинг 9 километр қисмини асфальтлаш белгиланган бўлса, ҳозирга қадар 5 километрдан ортиқ йўлга асфальт ётқизилди. Йўл четидаги ариқча ва йўлаклар бетонлаштирилди.

Ичимлик суви таъминоти сифатини яхшилаш, аҳолига тоза ичимлик сувини етказиб бериш мақсадида янги сув қудуғи қурилди, 1 минг 600 метр узунликда тармоқ тортилди.

Шунингдек, электр энергиясини узлуксиз ва сифатли етказиб бериш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилади. Маҳалла ҳудудига 3 та янги трансформатор ўрнатилди, 100 дан ортиқ эски устунлар темир-бетонли устунларга алмаштирилди, 4 минг 300 метр масофага янги электр тармоғи тортилди.

– Аввал, маҳалла фуқаролар йиғинининг алоҳида биноси йўқ эди, – дейди “Оқ олтин” МФЙ раиси Аброржон Анорбоев. – Икки хонали эски бинода ижарада турар эдик. Ишлаш учун жуда қийналардик. Мана қисқа муддатда маҳалла идораси учун янги бино қуриб берилди. Насиб этса, шу кунларда фойдаланишга топширилади. Янги бинода маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, умуман, маҳалла йиғинининг ҳар бир ходими учун алоҳида хоналар, самарали ишлаш учун зарур шароитлар яратилган.

Бундан ташқари, маҳалла ҳудудидаги ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида барпо этилган 120 ўринли 20-сонли мактабгача таълим ташкилотининг биноси икки қаватли қилиб, 220 ўринга мўлжалланган ҳолда янгидан барпо этилмоқда. Шу билан бирга, ёпилиб кетган маҳалла поликлиникаси ҳам янгидан қурилмоқда.

– Ёшим етмишдан ўтди, – дейди маҳалланинг Оқ олтин кўчасида яшовчи, меҳнат фахрийси Абдусалом Аҳмаджонов. – Очиғи, қисқа вақт ичида маҳалламизда шунча кўп ўзгаришлар бўлганига ҳеч ишонолмаяпман. Кўчаларимиз асфальтланди, ичимлик суви, электр бўйича одамларни қийнаётган барча муаммолар бартараф этилди. Маҳалламиз қиёфаси бутунлай янгича кўринишга келди.

Шунингдек, вилоят ҳокими кўмагида маҳалламиздаги  48 нафар кекса, меҳнат фахрийларининг юртимизнинг қадимий шаҳарлари Бухоро ва Самарқандга саёҳатга бориб келганлигидан каттаю-кичик хурсанд.

Маҳаллада фаолият юритаётган ижтимоий ходим Ферузахон Мираҳмедованинг таъкидлашича, маҳаллада ўтказилган ўрганишлар натижасида 4 нафар фуқаронинг ногиронликка чиқишига кўмаклашилди. Тўрт нафар фуқаро эса  ногиронлик аравачаси билан таъминланди. Бу ишлар албатта, маҳаллада, юртимизда жисмоний имконияти чекланган инсонларга кўрсатилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир.

– Тўнғич фарзандим Ҳаётхон болаликдан ногирон, – дейди унинг онаси, маҳалланинг Қизил юлдуз кўчасида яшовчи Дилнозахон Мақсудова. – Унга ногиронлик аравачаси берилганидан бошим кўкка етди. Биздай оддий инсонларга кўрсатилаётган эътибор, маҳалламизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари учун Президентимизга раҳмат.

Бир сўз билан айтганда, олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари натижасида Оқ олтин маҳалласи юртимизнинг энг обод гўшаларидан бирига айланди. Энг асосийси бугунидан рози бўлиб яшаётган одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончи ортди.

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.