Маълумки, Шаҳрихон ҳунармандлар юрти сифатида бутун дунёга довруғ таратган. Жорий йилда Шаҳрихонга Жаҳон ҳунармандлар Кенгаши томонидан “Бутун жаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақоми берилди. Шу муносабат билан тумандаги “Раҳимжон” тантаналар саройида темирчи ва пичоқчи уста-ҳунармандларнинг халқаро анжумани бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, шунингдек, қўшни Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларидан ҳам ҳунармандлар вакиллари иштирок этдилар.

Анжуманда туман ҳокими Ҳ.Дадахонов, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Ш.Асамовлар мамлакатимизда ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, уларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун яратилаётган шарт-шароитлар , берилаётган имтиёзлар хусусида сўз юритдилар.

Тадбирда соҳа ривожига муносиб улуш қўшган, кўплаб шогирдлар тайёрлаб, янги иш ўринлари яратган бир гуруҳ ҳунармандларга ташкилотчилар томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.