ШАҲРИХОН ТУМАНИДА ФАОЛ НУРОНИЙЛАР УЧУН ЎҚУВ-СЕМИНАРИ ЎТКАЗИЛДИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 ноябрда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Бугун Шаҳрихон туманида мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан ўқув-семинари бўлиб ўтди. Унда МФЙлар раислари, ҳоким ёрдамчилари ва камбағал оилаларга бириктирилган фаол нуронийлар иштирок этдилар.

Семинарда “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Ўктамжон Охунов қатнашиб, давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги 892-сон қарори билан тасдиқланган “Фаол нуронийларни камбағал оилаларга бириктириш ҳамда маҳаллада соғлом турмуш тарзи ва ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришга жалб этиш тартиби тўғрисида”ги низом юзасидан батафсил тушунчалар берди.

Йиғилишда қайд этилганидек, ушбу Низом фаол нуронийларни камбағал оилаларга бириктириш ҳамда маҳаллада соғлом турмуш тарзи ва ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришга жалб этиш, шунингдек, камбағал оила фарзандларига таълим олишлари учун ўқув жиҳозлари ва қуроллари, спорт кийимларини харид қилиш, кекса фуқароларнинг спорт тадбирларида иштирок этиши билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартибини белгилайди.
Белгиланган тартибда танлаб олинган уч нафардан фаол нуронийларга яшаб турган жойи бўйича 5 тадан камбағал оила олти ой муддатга бириктирилади. Фаол нуронийлар бириктирилган оилалар билан ишлашда “маҳалла еттилиги” билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

“Нуроний” жамғармаси ва танлаб олинган фаол нуронийлар ўртасида фаол нуронийларни рағбатлантириш мақсадида фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар расмийлаштирилади.
Танлаб олинган фаол нуронийлар уларга юкланган вазифаларни бажаришлари учун “Нуроний” жамғармаси томонидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 фоизи миқдорида рағбатлантирувчи тўловлар уларнинг розилигига кўра банк пластик карталарига тўлаб берилади.
Семинар савол-жавоб тарзида қизиқарли ўтди.