Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳ.Дадахоновнинг 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Т А Б Р И Г И

Қадрли юртдошлар!

Сизларни 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан  самимий муборакбод этаман.

Ҳаммамизга яхши маълумки, тил – миллатнинг қалби, унинг дунёда мавжудлигининг асосий белгисидир.  Ҳар бир халқ, ҳар бир миллат ўзлигини, аввало, тил орқали ифодалайди.

Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидир. Миллий тилни  йўқотмоқ миллатнинг руҳини йўқотмоқдир” деган эдилар.

1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш тўғрисидаги Қонун қабул қилинди. Бу эса ўз навбатида миллий ўзлигимизни янада юксалтириш йўлида муҳим тарихий қадам бўлди.

Бугунги кунда мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан она тилимизнинг жамиятдаги, халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг куни кеча қабул қилинган “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам фикримизга яққол мисолдир.

Ҳозирги кунда ўзбек тилининг халқаро минбарлардан баралла янграётгани қалбларимизни фахр ва ифтихор туйғуларига тўлдирмоқда.

Азиз дўстлар!

Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Буюкларимиз таъкидлаганидек,  ўз қадрини билган, тил қадрини билади. Она тилига бўлган муҳаббат юксак маънавият белгисидир. Шундай экан, тилимизни севишимиз, асраб-авайлашимиз, унга ҳурмат билан муносабатда бўлишимиз жуда ҳам муҳимдир.

Сизларни яна бир бор бугунги қутлуғ айём билан табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга қут-барака ва хотиржамлик тилайман.