Ҳурматли Шаҳрихон тумани фуқаролари ва туманимиз меҳмонлари!
Муҳтарам Президентимизнинг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича, шунингдек, Ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ бўлган бир қатор муҳим Қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида туманимиздаги криминоген вазият бўйича “профилактик-огоҳлантирувчи мурожаат” йўлламоқдаман.
Ушбу “профилактик-огоҳлантирувчи мурожаат”ни йўллашдан асосий мақсадимиз, туманимиз аҳолиси ва меҳмонларимизни криминоген вазиятдан огоҳ қилган ҳолда, Сиз азизларни жиноятлардан жабрланиб қолиш эҳтимолингизни минимал даражага туширишдан иборат.
Шу мақсадда, туманимизда жиноятларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, содир этилиш сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Шу фурсатдан фойдаланиб, туманимиз ҳудудидаги криминоген вазият бўйича қисқача маълумот бериб ўтсам.
Жорий йилнинг 9 ойида олиб борилган чора-тадбирлар натижасида туман ҳудудида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлардан талончилик, босқинчилик, автомашина олиб қочиш жиноятлари содир этилмади.
Бевосита ходимларимиз ташаббуси билан аниқланадиган жиноятлар салимоғи 25,0 фоизга яхшиланди.
Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган тадбирлар натижасида,
—79 та маҳаллаларнинг 20 тасида жиноятлар камайди;
—54 тасида умуман жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.
Шунингдек, маҳаллаларнинг 5 таси “қизил” тоифага кирган бўлиб, уларнинг ҳиссасига 28,6 фоиз олди олиниши лозим бўлган жиноятлар тўғри келди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, энг оғир маҳаллаларга “Андижонлик”, “Баркамол авлод”, “Номозгоҳ”, “Оқ олтин”, “Сарой” маҳаллалари киради.
Ҳозирда ушбу маҳаллаларда криминоген вазиятни жиловлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 37 маротаба тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилиб, жами 18 та жиноятлар фош этилишига эришилди.
Қидирувда бўлган 38 нафар шахслар ушланди.
Жиноий жавобгарликдан бўйин товлаб, чет давлатларга чиқиб кетган 10 нафар қидирувдаги шахслар ушланиб,
9 нафари экстрадиция қилинди ва 1 нафарини экстрадиция қилиш чоралари кўрилмоқда.
Бедарак йўқолган шахслардан 74 нафари топилиб, оилаларига қайтарилди.
Маҳаллаларда қаровсиз ва назоратсиз қолган
36 нафар вояга етмаганлар аниқланиб, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди.
Фарзандига таълим ва тарбия бериш борасидаги мажбуриятини бажармаганлиги сабабли жами 1431 нафар ота-оналарга маъмурий таъсир чоралари қўлланилди.
Тунги вақтларда кўнгилочар масканларда вояга етмаганларни бўлишига йўл қўйган 15 нафар тадбиркорларга жарима жазоси қўлланилди.
Жами 462 та ҳимоя ордери берилиб шундан, 409 нафар тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлардир. Бунинг натижасида 259 та оилалар яраштирилди, 201 та оилаларнинг низоси бартараф этилди.
Ҳимоя ордери талабларига риоя қилмаган жами
6 нафар шахсларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судларга юборилди.
37 нафар профилактик ҳисобда турган руҳий касал, гиёҳванд ва спиртли ичимликка ружу қўйганлар мажбурий даволанишга ётқизилди.
Бундан ташқари, кибер жиноятларни олдини олиш мақсадида, тегишли соҳа вакиллари билан жойларда 270 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда айрим муаммоли масалалар ва уларни бартараф этиш ҳам эътиборимиздан четда эмас.
Кундан кунга ахборот технологиялари ривожланиб, интернет тармоғининг имкониятлари ошиб бораётганлиги сабабли ҳам, янгидан янги жиноят кибер жиноят турлари пайдо бўлмоқда.
Кибер жиноятларни олдини олиш бўйича кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, лекин афсуски аҳолимизга бу йўналишдаги тарғибот ишлари орқали зарур тушунчаларни ҳалигача етказиб беролмаяпмиз.
Ушбу жиноятларнинг 65 фоизида номаълум шахслар томонидан пуллар ечиб олинганлиги, 35 фоиз ҳолатда интернет орқали онлайн савдоларни амалга оширишда пул маблағларини олдиндан ўтказиб берганлиги маълум бўлди.
Ушбу хавфдан қутулишнинг энг самарали йўли эса фуқароларимиздан кибер жиноятларга қарши “кибер маданият”ни шакллантириш, ўз-ўзимизни ушбу жиноятлардан ҳимоя қилишни ўрганишимиз талаб этилади.
Халқона тилда айтганда, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган турли хилдаги эълонлар ва хабарларга ишониб кетаверишимиз керак эмас.
Ижтимоий тармоқлар орқали АПК кўринишдаги “СУДГА ЧАҚИРУВ”, “МИБдан жарима”, “СЕНИНГ СУРАТЛАРИНГ” ва шунга ўхшаш мазмундаги иловалар, ёлғон хабарлар ёки ўзларини Марказий банк, Давлат органи, Тўлов ташкилотининг хавфсизлик бўлими ходими сифатида таништириб, фуқаролар ишончига кириб банк карталаридан пул маблағларини ўзлаштириш ёки номларига катта миқдорда кредит расмийлаштириб олиш ҳолатлари жуда кўпайиб бормоқда.
Агарда сизга нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлиб, шахсий маълумотларингиз сўралса ёки банк картангизга ҳужум бўлаётганлиги айтилса, банкнинг ишонч телефонларига қўнғироқ қилиб ҳолатга ойдинлик киритишингиз шарт.
Азиз Шаҳрихонликлар!
Яна бир жиддий масалага алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.
Бугунги кунда, гиёҳванд ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатлар ҳам кундан-кунга авж олиб бормоқда. Айниқса ёшларимиз ўртасида ушбу жиноятлар кенг тарқалмоқда.
Олиб борилган тезкор-тадбирлар натижасида шу йилнинг ўзида 52 та жиноий ҳолат аниқланиб, 14 кг дан ортиқ гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди.
Гиёҳвандлик балосига қарши барчамиз биргаликда курашишимиз шарт!
Азиз Шаҳрихонликлар, фарзандларингизга янада эътиборли бўлинг! Уларни хулқ-атвори, юриш-туриши, хатти-ҳаракатларида ўзгариш сезсангиз зудлик билан буни олдини олиш чораларини кўриш шарт, беэътибор бўлманг, тегишли идораларга ўз вақтида мурожаат қилинг !
Мурожаатим давомида яна бир қатор муҳим йўналишларга ҳам АЛОҲИДА ТЎХТАЛМОҚЧИМАН.
-Жамоат транспортида, аҳоли гавжум жойларда, бозорлар ва серқатнов кўчаларда ҳамён ва шахсий буюмларингизга эътиборли бўлинг, киссавурлик жинояти жабрланувчисига айланиб қолманг!
-Хонадонлар ва бошқа объектлардан ўғрилик жиноятлари содир этилишини олдини олиш мақсадида, уларни қўриқлаш пультига топширишингизни тавсия қиламан.
-Автоуловни олиб қочиш ёки автоуловдан ўғирлик жиноятларни олдини олиш мақсадида, автомашина калитини ўзида қолдирманг, қимматбаҳо буюмларни машинангизда сақламанг!
Азиз Шаҳрихонликлар!
Ҳурматли Президентимиз таъбири билан айтганда, Маҳалла – тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғонидир.
Давлатимиз раҳбарининг 3 январь кунги 1-сонли Қарори билан криминоген вазияти оғир бўлган 7 та маҳаллаларга туман ҳокими, прокурори, ҳудудий Ички ишлар органлари раҳбарлари номма-ном бириктирилиб, жиноятчиликни жиловлаш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилиши белгилаб берилди.
Хусусан, туман ИИБда тезкор штаб ташкил этилди.
Туман ишчи гуруҳи томонидан вояга етмаганлар, ёшлар ва аёллар томонидан содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаб ва шарт-шароитлари кунлик таҳлил асосида муҳокама қилинмоқда.
Вазифасига масъулиятсизлик билан қараган ташкилотлар раҳбарлари ва маҳалла еттиликларига тегишли чоралар кўриб келинмоқда.
Аёллар томонидан жиноятлар содир этилишини олдини олиш мақсадида Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар жойлардаги маҳалла еттиликлари билан ҳамкорликда ижтимоий профилактика объектлари бўлган аёллар билан суҳбатлар ўтказиб, ижтимоий, маиший ҳамда психологик ёрдамлар кўрсатишмоқда.
Ҳурматли Шаҳрихонликлар,
Умуман олганда, бугунги кунда Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган барча чора-тадбирлар – халқимизнинг тинч-тотув ва хавфсиз ҳаёт кечиришига қаратилган.
Шундай экан, ҳамкор ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда жиноятчиликни олдини олиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олиб, туманимиз ҳудудида,
-жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш,
-жиноятчиликка қарши курашиш,
-маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш борасидаги чора-тадбирларни янада жадаллаштиришимиз лозим.
Бу ишларни амалга оширишда албатта кенг жамоатчилик вакиллари ва Сиз азиз фуқароларимизга таянамиз.
Мурожаатим якунида, Сиз азизларни яна бир бор огоҳликка чақираман.
Ўз уйимиз, ўз маҳалламизни ўзимиз асрайлик!
Юртимиз, туманимиз, маҳаллаларимиз тинч бўлсин. Хонадонингиздан файзу-барака аримасин.
———
Шаҳрихон туман ИИБ ✍️

