Шаҳрихон туман прокурори Б.Т.Худайбердиевнинг Шаҳрихон тумани аҳолисига мурожаати

Ҳурматли Шаҳрихон тумани фуқаролари ва туманимиз меҳмонлари!

Муҳтарам Президентимизнинг жорий йилдаги Қарорларига асосан маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган тадбирлар кенг қамровда амалга оширилмоқда.

Жиноятчиликни олдини олиш мақсадида аҳоли гавжум бўлган ҳудудлар, мактаблар, маҳаллаларнинг кириш ва чиқиш йўлларига замонавий турдаги видеокузатув мосламалари ўрнатилди, бозор, савдо дўконлари ва яшаш хонадонлари қўриқловга олинди, кўп қаватли уйларнинг кириш-чиқиш эшиклари янада хавфсиз қилиб таъмирланди, пробация ва профилактика ҳисобида турувчи шахслар, муқаддам жиноят содир этган ва жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар, алоҳида тоифадаги ёшлар ҳамда аёллар билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг муаммолари босқичма-босқич бартараф этиб келинмоқда.

Шу билан бирга, ички ишлар органларида пробация ва профилактик ҳисобида турувчи, шунингдек муқаддам жиноят содир этган ва жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар, алоҳида тоифадаги ёшлар ҳамда аёллар билан учрашувлар ўтказилиб, муаммолар бартараф этиб борилмоқда.

Аҳоли ўртасида оммавий тарзда “тиғ” тадбирлари ўтказилаётганлиги, ташкилотлар, тадбиркорлар, ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда фуқаролар билан ўзларига тегишли бино ва иншоотлар, мулклар, кўчалар ҳамда хонадонларни туман ички ишлар бўлими қўриқловига топширишлари, видеокузатув мосламалари ўрнатишлари юзасидан тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилиб, жиноят юз бериши мумкин бўлган ҳолатлар юзасидан зудлик билан масъул орган ҳамда шахсларга хабар беришлари лозимлиги ҳақида доимий равишда ҳуқуқий тушунчалар бериб борилаётган бўлсада, айрим шахслар томонидан ўзининг ва ўзганинг ҳаёти, соғлиги, мол-мулкларига, қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига беписандлик билан муносабатда бўлиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Шу муносабат билан, туманимиз аҳолиси ва меҳмонларидан совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёларни жамоат жойларида олиб юрмасликларини, ўткир тиғли жисмлардан қонун талаблари асосида фойдаланишни сўраб, бундай ҳуқуқбузарлик амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилишга сабаб бўлишини эслатиб ўтаман.

Туманимиздаги аксарият ҳуқуқбузарликлар оилавий келишмовчиликлар замирида содир этилаётганлиги кузатилаётганлиги сабабли, ушбу ҳолатларни бартараф этишда маҳаллада юқори ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлган отахону-онахонларимиздан бундай оилалардаги муҳитни соғломлаштириш борасида ўзларининг маслаҳат ва тавсияларини бериб боришларини, шахсий намуна кўрсатишларини сўраб қоламиз.

Юқоридаги ҳолатларни барвақт олдини олишда, албатта, кенг жамоатчилик билан “маҳалла еттилиги” масъулларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан самарали ҳамкорлигини янада юқори босқичларга олиб чиқишимиз керак.

Бу орқали жамиятимиз ва маҳаллаларимизни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириб, Юртбошимиз томонидан берилган барча топшириқларни сидқидилдан, шахсий масъулиятимизни намоён этган ҳолда бажаришимиз зарур.